Шуни тан олишимиз керакки, автомобилда болаларни олиб юришда махсус автоўриндиқдан жуда кам киши фойдаланади. Кўп ҳолларда болалар орқа ўриндиқда, ўзи ҳохлаганича ўтиради. Лекин шу билан бирга болалар автоўриндиғидан фойдаланиш автоҳалокат натижасида юз берувчи ўлим хавфини анча камайтиради, бундан ташқари кескин тормоз берилганда боланинг хавфсизлигини таъминлайди.

Автоўриндиқ сотиб олиш – масъулиятли иш. У арзон эмас, шу сабабли ҳам уни сотиб олишга жиддий қараш керак, харажатлардан ташқари бу харидга фарзандингизнинг саломатлиги (балки ҳаёти ҳам) боғлиқ. Бундан ташқари, 12 ёшгача бўлган болаларни мотоциклнинг орқа ва автомобилнинг олдинги ўриндиғида болаларга мўлжалланган махсус ушлаб турувчи ускуналар ўрнатмай олиб юриш таъқиқланади (ЎзР ЙҲҚнинг 25.8 пункти).

Шундай қилиб, болалар автоўриндиғини сотиб олишда нимага эътибор бериш керак?

Биринчидан, дарҳол “энг хавфсиз” автоўриндиқни излаш шарт эмас. Автоўриндиқ танлашда эътибор берилиши керак бўлган бир нечта омилни ҳисоблаб чиқиш сизнинг фарзандингиз хавфсизлигини таъминлайди.

Аввало ўриндиқлар қандай вазн гуруҳига мўлжалланганлигини билиб олишингиз керак. Автоўриндиқларнинг вазн бўйича гуруҳлари Европа Хавфсизлик Стандартларига мувофиқ белгиланади ва у бутун дунёда қабул қилинган.

Бундай гуруҳлар бешта:

  • 0 гуруҳ – вазни 10 кг гача бўлган болалар учун мўлжалланган.
  • 0+ гуруҳи - 13 кг гача.
  • I гуруҳ –9 кг дан 18 кг гача.
  • II гуруҳ –15 кг дан 25 кг гача.
  • III гуруҳ – 22 кг дан 36 кг гача.

Барча ўриндиқлар ҳаракат йўналишига қаратилган ҳолда ўрнатилади, фақат 0 гуруҳ ўриндиқлар бўндан мустасно. Бу гуруҳ энг кичкинтойлар учун мўлжалланганлиги сабабли ўзига хос хусусиятларга эга.

0 гуруҳга кирувчи автоўриндиқлар болаларни кўтариб юриш воситаси сифатида ҳам хизмат қилади – уларда кўтариб юриш учун дасталар бор, уйда эса улардан гўдакни тебратиш учун беланчак сифатида фойдаланиш мумкин. Бу гуруҳга кирувчи ўриндиқ ҳаракат йўналишига тескари ўрнатиш керак, ва бу қоидаги имкони борича узоқ вақт – ҳар ҳолда бола бошини ушлай оладиган ва ўтирадиган бўлгунга қадар амал қилиш керак. Бундай автоўриндиқларининг махсус асосга ўрнатиладиган моделлари мавжуд бўлиб – бу ўриндиқни автомобиль салонига ўрнатиш ва ечиб олишни осонлаштирибгина қолмай, унинг хавфсизлигини ҳам оширади. Ўриндиқларнинг ички камарлари албатта кенг ва юмшоқ бўлиши керак.

Кичкина эслатма:

Эслатма

Иккинчидан, автоўриндиқнинг маркировкасига эътибор бериш керак, у ECE R44/03 ёки ECE R44/04 маркировкага эга бўлиши афзал, бу Европа Хавфсизлик Стандартларига мувофиқликни билдиради. Бундай маркировка бўлган ўриндиқдан хотиржам бўлишингиз мумкин: у барча синовлардан ўтган ва хавфсиз ҳисобланади.

Учинчидан, автоўриндиқда ўтириш сизнинг фарзандингиз учун қулай бўлиши керак. Кичкина болалар кўпинча йўлда ухлаб кетишади, шунинг учун ўриндиқ қиялиги ўзгартирилиши мумкин бўлиши керак. Бундай қурилма кўпчилик ўриндиқларда бўлишига қарамай, ўриндиқ қиялигини ўзгартириш имконияти ишлаб чиқарувчи-фирмага боғлиқ равишда фарқланади. Агар сиз болаларингизни гўдаклигидаёқ автоўриндиқдан фойдаланган бўлсангиз, каттароқ “ёш”даги ўриндиқларда муаммо туғилмаслиги керак. Фарзандингиз бир ёшдан катта бўлса уни сотиб олаётганда болани ўтқазиб кўриб, унга қулай бўлса харид қилиш керак. Бу нега муҳим? Агар бола ўриндиқда ўзини яхши ҳис қилмаса ва у ноқулай бўлса, йўлда бола инжиқлик қилиши ва сизни автомобилни бошқаришдан чалғитиши мумкин, бу эса йўлда авария ҳолати вужудга келишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли ҳам ушбу омилга аввалроқ эътибор бериш ва харид қилишдан аввал болани ўриндиққа ўтқазиб кўриш керак.

Шунингдек, харид қилишдан аввал автоўриндиқни машинага ўлчаб кўриш керак. Кўпчилик ўриндиқлар универсал ва турли русумдаги автомобилга тўғри келишига қарамай, сотиб олинган ўриндиқ сизнинг автомобилингизга тўғри келмай қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу ҳол ачинарли эмасми?

Тўртинчидан, ички хавфсизлик камарларига эътибор беринг. Бу ерда қулф ва унинг ички қисми қопланган материал сифатини ҳисобга олиш зарур. Хавфсизлик камари тузилиши шундай бўлиши керакки, бола уни мустақил равишда оча олмасин. Унинг тагидаги матодан қилинган қоплама юмшоқ ва эластик бўлиб, ЙҲХ рўй берган ҳолда қулф бола қорнига зиён етказмаслигини таъминлаши керак.

Ва, ниҳоят, бешинчидан, ўриндиқ осон ўрнатилиши ва осон ечилиши керак, бу сизнинг мушкулингизни енгиллаштиради. Ўриндиқни ўрнатиш уни маҳкамловчи мосламаларга боғлиқ - бундай мосламаларнинг икки тури мавжуд. Биринчи усул – автомобиль хавфсизлик камарлари ёрдамида ўрнатиш, бу кенг тарқалган усул бўлиб, унинг ёрдамида деярли барча турдаги ўриндиқларни ўрнатиш мумкин.

Иккинчи усул энг қулай ва хавфсизликни таъминловчи бўлиб, у ISOFIX тизими ёрдамида ўрнатишни билдиради. Бундан усул сизнинг автомобилингизда ISOFIX тизими бўлишини талаб этади. Бу тизимнинг ўзига хос томони шундаки, болалар автоўриндиғи автомобилга ўрнатилган ва кузов билан боғланган металл тутқичлар билан мустаҳкамланади. Бундай тизим билан барча турдаги автомобиллар жиҳозланмаган, шу сабабли ҳам харид қилишдан аввал бу масалага аниқлик киритиб олиш керак.

Қуйида Ўзбекистонда ISOFIX тизими мавжуд бўлган автомобиллар рўйхати келтирилган:

Chevrolet Captiva – 2006 йилдан кейин чиққан

Chevrolet Epica – 2006 йилдан кейин чиққан

Chevrolet Lacetti – 2004 йилдан кейин чиққан

Chevrolet Matiz – 2004 йилдан кейин чиққан

ISOFIX тизими мавжуд бўлган автомобилларнинг тўлиқ рўйхатини бу ердан кўришингиз мумкин.

ISOFIX тизимининг афзалликлари шундаки, автоўриндиқни ўрнатиш жуда осон ва унда хатоликларга йўл қўйилмайди. Ўриндиқ тутқичларга махсус қулфлар ёрдамида бириктирилади, улар эса сурилувчи мосламада жойлашган, шундай қилиб, сиз ўриндиқни ўрнатишда хато қилмайсиз, - у ё бириктирилган, ёки бириктирилмаган бўлиши мумкин (камарни нотўғри боғлаш, ҳаддан ташқари қаттиқ тортиб қўйиш каби хатоликларга йўл қўйиш мумкин бўлган хавфсизлик камарлари ёрдамида ўрнатишдан фарқли ). Хавфсизлик эса тутқичларнинг автомобиль кузови билан бириктирганлиги билан таъминланади: бу қўшимча мустаҳкамликни ва тўқнашув вақтида бўйинга тушадиган зарб камайишини таъминлайди. Изоҳ: ISOFIX тизими 0 ва I гуруҳлар учун кўзда тутилган, чунки 18 кг гача бўлган вазнга чидаш беради.

Шуни таъкидлаш керакки, ўриндиқ қопламасини ювиш мумкинлиги ҳақида қизиқиб кўриш керак. Қопламани ечиш мумкинлиги деярли барча ишлаб чиқарувчилар томонидан кўзда тутилади, лекин бу масалани аниқлаштириб олсангиз ёмон бўлмайди.

Болалар ўриндиғини қачон алмаштириш керак? 0 ва 0+ гуруҳ учун ҳал қилувчи омил бўлиб бола бошининг жойлашиши ҳисобланади: у ўриндик суянғичининг юқори қисмидан чиқиб турмаслиги керак. I ва ундан юқори гуруҳлар учун ҳам бола боши, ҳам камарлар ҳолати муҳимдир, ўриндиқнинг юқори қисмидан бола бошининг учдан бир қисмидан кўпи чиқиб турса, сизнинг фарзандингиз учун ўриндиқ кичкина бўлиб қолган бўлади. Ички хавфсизлик камарининг чиқиш жойи боланинг елкасидан пастда бўлса, бу ҳам ўриндиқ фарзандингиз учун кичкина бўлиб қолганлиги билдиради.

Қандай автоўриндиқ танлаш сизнинг молиявий ҳолатингиз ва ўриндиққа бўлган талабларги боғлиқ бўлади. Биз харид қилишда эътиборга олиш шарт бўлган асосий омилларни санаб ўтдик. Бундай жиҳозланган автоўриндиқ сизнинг фарзандингиз хавфсизлигини таъминлайди, турли хил қўшимча қисмлар (қуёш тушмаслиги учун пардадан тортиб, стакан/бутилкача қўйиш жойигача) ўрнатилган моделлар жуда кўп. Буларнинг барчаси – нарх ва заруриятга боғлиқ, ва уни ўзингиз ҳал этишингиз керак.

Биз болалар автоўриндиқлари сотиб олишингиз мумкин бўлган дўконлар манзили тўғрисидаги маълумот бермоқчимиз.

Chicco Baby дўкони ― сайтга мурожаат.

TAKO болалар дўкони - сайтга мурожаат.

New Millenium Kids дўкони - сайтга мурожаат.

Харид бўйича яна бир маслаҳат: иложи борича янги автоўриндиқ сотиб олишга ҳаракат қилинг. Ишлатилган ўриндиқ сотиб олганингизда сиз унинг хавфсизлигига амин бўлолмайсиз. Ўриндиқ ўзагида озгина ўзгариш бўлса ҳам бу жуда оғир натижага олиб келиши мумкин – фарзандингизнинг саломатлигидан ҳам афзал нарса борми?

Яна бир марта йўлларда хавфсизлик фақат фарзандингиз учун муҳим эмаслигини эслатиб қўймоқчимиз. Афсуски, бизда кўпчилик ҳайдовчилар хавфсизлик камарини хавфсизликни таъминлаш учун эмас, жаримадан қўрққанлиги учун тақади. Илтимос, йўлларда эҳтиёт бўлинг ва ўзингизнинг, йўловчиларингиз ва пиёдаларнинг хавфсизлиги тўғрисида унутманг.